Warning: include(html/template.php): failed to open stream: No such file or directory in /home/u657096676/domains/qadriyat.uz/public_html/templates/business/index.php on line 93

Warning: include(html/template.php): failed to open stream: No such file or directory in /home/u657096676/domains/qadriyat.uz/public_html/templates/business/index.php on line 93

Warning: include(): Failed opening 'html/template.php' for inclusion (include_path='.:/opt/alt/php56/usr/share/pear:/opt/alt/php56/usr/share/php') in /home/u657096676/domains/qadriyat.uz/public_html/templates/business/index.php on line 93

Умму Ҳоний бинти Абу Толиб

Рукн: Саҳобалар Чоп этилган: 26.06.2019

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Eй Умму Ҳоний! Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз”, деб марҳамат қилдилар.
Исро ва Меърож воқеалари ҳақида гапирилганида албатта Умму Ҳонийнинг ҳам номи тилга олинади. Чунки Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Меърож кечаси унинг уйида меҳмон бўлган эдилар ва у Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Меърож воқеасини хабар берган ровийлардандир.
Хўш, Умму Ҳоний ким? Асл исми нима? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қариндошлик даражаси қандай?

Насаби

Умму Ҳоний Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толибнинг Фаҳита исмли қизи бўлиб, Ҳазрати Алининг опаларидир.
Исми қандайлиги ҳақида турлича фикрлар бор: Ҳинд, Атиқа ёки Фотима дегувчилар ҳам бўлган. Лекин энг машҳур бўлгани Фаҳитадир.
Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир неча ёш кичикдир. Гўзал аҳлоқли аёл эди.

* * *


Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оналари Оминанинг вафотидан сўнг Ҳадича бинти Ҳувайлидга уйлангунларига қадар Абу Толибнинг уйида яшадилар.
Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмас эдилар. У пайтда Фаҳита кичкина бир қиз эди.

Оила ҳаёти

Ҳубайра ибн Ваҳб Махзум ўғилларининг энг кўзга кўринган кишиларидан эди. Қавми ичида мавқеи улуғ бўлиб, сўзини ўтказа оларди. У Фаҳитани сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита Ундан икром ва эҳтиром кўрди. Унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.
Орадан кунлар, кунлар кетидан ойлар ўтди. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарлик тушди. Оила аҳлини, қариндошларини, қавмларини Исломга даъват этдилар. Бир қисми ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди.
Ҳубайра адашганлар орасида эди. Бу адашганлар имон келтирмайгина қолмай, зулм ва жафо билан янги диннинг ёйилишига тўсқинлик қилардилар. Аммо Ҳубайра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўрталаридаги ақраболикка риоя қилиб, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаҳсиятларини тақдирлар, ҳурмат кўрсатарди.
Фаҳита ҳам дастлаб эрига эргашиб, Исломга кирмади.
Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Ҳоний уйларида меҳмон бўлиб қолдилар. Бу кеча Аллоҳ таоло Пайғамбармизга энг буюк эҳсон ва икромлар берган хайрли, узун бир кеча эди.
Умму Ҳоний бу кеча ҳақида шундай ҳикоя қилади:
“Исро воқеаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менинг уйимда қолганларида бўлди. Бу кеча Аллоҳ Расули хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни уйғотдилар ва:
— Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек, хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизларнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим, — деб марҳамат қилдилар.
Сўнгра уйдан чиқиш учун ўринларидан турдилар. Мен кетмасинлар деб ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўғилган, катандан қилинган охорли кўйлакка ўхшар эди.
— Эй Аллоҳнинг пайғамбари, буни одамларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади, — дедим.
— Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман, — дедилар.
Шунда мен бир ҳабаш жориямга: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқаларидан бор. Одамларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларини эшит”, дедим.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва:
— Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад. Биз бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз, — дедилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
— Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу воқеа мен Шомда бўлган пайтимда юз берди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинг қофиласига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралган экан. Ёпқични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя келяпти. Туянинг устида бири қора, бошқаси олача иккита ҳарор бор, — дедилар.
Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ, (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондагилардан идишни сўрашди. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса, ичида сув қолмаганини тасдиқлашди.
Маккага қайтишда бошқа қофилани ҳам учратишди. Берилган саволга улар ҳам: “Тўғри айтипти, валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнинг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик”, дея жавоб беришди”.

Ҳижратдан сўнг

Мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилганларида Фаҳита эри ва болалари билан Маккада қолди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эришган зафарлари ҳақида эшитса, беҳад қувонарди. Фаҳита мусулмонлар Маккага кирадиган буюк зафар кунини интизорлик билан кутарди.

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккага кирдилар. Барча бутларни синдирдилар. Билолнинг (розияллоҳу анҳу) овози тавҳид, такбир ва шаҳодатлар билан жаранглаб, Каъба узра юксалди: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ...”
Бу овозларни эшитган Умму Ҳонийнинг эри Ҳубайра орқа-олдига қарамай Маккадан қочди. У Аллоҳ таолонинг динига киришдан қочаётган, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зафарларини кўришни хоҳламаётган эди.

* * *

Ҳубайра Умму Ҳонийни ҳам ўзи билан кетишга даъват этди, аммо Умму Ҳоний қабул этмади. Чунки у Аллоҳ таолонинг динига кирган, мусулмон бўлган эди.

* * *

Хорис ибн Хишом Макка фатҳ этилган кун қони ҳалол қилинган кишилардан эди. Аммо Хорис Умму Ҳонийнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қошларидаги мавқеини билгани учун, ҳимоя қилишини сўраб, унинг уйига борди. Буни кўрган Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Хорисни ўлдириш учун изма-из келди. Умму Ҳоний: “Eй онамнинг ўғли! Мен унга омонлик бердим”, деб уни ҳимоясига олганини билдирди.
Али (розияллоҳу анҳу) эса бу гапларга қулоқ солмай, қиличини суғурди. Умму Ҳоний унинг қўлларидан тутди: “Аллоҳ хайрингни берсин, ўлдирма. Мен унга омонлик бердим”, деди.
Али (розияллоҳу анҳу) ундан қутулишга ҳаракат қилди, аммо оёқларини ердан кўтаролмади. Шу пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кириб қолдилар. Умму Ҳоний:
— Ё Расулуллоҳ, мен Хорис ибн Хишомни ҳимоямга олдим. Али эса уни ўлдирмоқчи. Нимага буюрасиз? — деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
— Сен ҳимоя этганингни биз ҳам ҳимоя этамиз, сен омонлик берганингга биз ҳам омонлик берамиз. Аммо Алининг жаҳлини чиқарма. У қизишса, Аллоҳ таолонинг ғазаби келади. Уни қўйиб юбор, — деб буюрдилар.
Шундан сўнг Умму Ҳоний Алини қўйиб юборди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазиллашиб:
— Ё Али, бир аёл сендан ғолиб келди, — дея марҳамат қилдилар.
Али:
— Аллоҳга қасамки, оёқларимни ердан кўтаролмадим, — деди.
Қаҳрамонлар қаҳрамони, довюраклар довюраги Али ибн Абу Толибнинг (розияллоҳу анҳу) бу гапи Умму Ҳоний ҳақидаги одил бир шаҳодатдир. Аллоҳ ҳар иккисидан ҳам рози бўлсин.

* * *

Умму Ҳоний эридан айрилганидан сўнг бутунлай фарзандларининг тарбияси билан банд бўлди. Фарзандларининг қалбига фазилат уруғларини экди. Ислом ва имон билан уларни ўстирди. Фарзандларининг бари олим, фозил кишилар бўлиб етишдилар.
Баъзи фарзандлари Умму Ҳонийдан ҳадис ривоят этишган. Улар орасида набиралари Жаъда ал-Маҳзумий, Яҳё ибн Жаъфар ва Ҳорунлар ҳам бор.
Умму Ҳоний укаси Ҳазрати Алининг халифалик давригача яшади. Ҳижратнинг қирқинчи йили вафот этди.
Аллоҳ ундан рози бўлсин ва уни ҳам рози этсин. Омин.

Маҳмуд Маҳкам таржимаси

 

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam): “Ey Ummu Honiy! Sen himoya etganingni biz ham himoya etamiz, sen omonlik berganingga biz ham omonlik beramiz”, deb marhamat qildilar.
Isro va Me’roj voqealari haqida gapirilganida albatta Ummu Honiyning ham nomi tilga olinadi. Chunki Rasululloh, sollallohu alayhi va sallam, Me’roj kechasi uning uyida mehmon bo’lgan edilar va u Rasulullohdan (sollallohu alayhi va sallam) Me’roj voqeasini xabar bergan roviylardandir.
Xo’sh, Ummu Honiy kim? Asl ismi nima? Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bilan qarindoshlik darajasi qanday?

Nasabi

Ummu Honiy Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) amakilari Abu Tolibning Fahita ismli qizi bo’lib, Hazrati Alining opalaridir.
Ismi qandayligi haqida turlicha fikrlar bor: Hind, Atiqa yoki Fotima deguvchilar ham bo’lgan. Lekin eng mashhur bo’lgani Fahitadir.
Rasulullohdan (sollallohu alayhi va sallam) bir necha yosh kichikdir. Go’zal ahloqli ayol edi.

* * *


Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) onalari Ominaning vafotidan so’ng Hadicha binti Huvaylidga uylangunlariga qadar Abu Tolibning uyida yashadilar.
Bu yillar davomida o’zlarini Abu Tolib oilasining bir a’zosidek ko’rar, aslo yolg’izlikni his etmas edilar. U paytda Fahita kichkina bir qiz edi.

Oila hayoti

Hubayra ibn Vahb Maxzum o’g’illarining eng ko’zga ko’ringan kishilaridan edi. Qavmi ichida mavqei ulug’ bo’lib, so’zini o’tkaza olardi. U Fahitani so’rab kelganida Abu Tolib rozilik bildirdi. Fahita Undan ikrom va ehtirom ko’rdi. Uning himoyasida baxtiyor hayot kechirdi.
Oradan kunlar, kunlar ketidan oylar o’tdi. Rasulullohga (sollallohu alayhi va sallam) payg’ambarlik tushdi. Oila ahlini, qarindoshlarini, qavmlarini Islomga da’vat etdilar. Bir qismi ishondi va to’g’ri yo’lni topdi, bir qismi ishonmadi va kofir bo’ldi.
Hubayra adashganlar orasida edi. Bu adashganlar imon keltirmaygina qolmay, zulm va jafo bilan yangi dinning yoyilishiga to’sqinlik qilardilar. Ammo Hubayra Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bilan o’rtalaridagi aqrabolikka rioya qilib, Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) shahsiyatlarini taqdirlar, hurmat ko’rsatardi.
Fahita ham dastlab eriga ergashib, Islomga kirmadi.
Bir kuni Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) Ummu Honiy uylarida mehmon bo’lib qoldilar. Bu kecha Alloh taolo Payg’ambarmizga eng buyuk ehson va ikromlar bergan xayrli, uzun bir kecha edi.
Ummu Honiy bu kecha haqida shunday hikoya qiladi:
“Isro voqeasi Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) mening uyimda qolganlarida bo’ldi. Bu kecha Alloh Rasuli xufton namozini o’qib, uxladilar. Biz ham uxlayotgan edik. Erta bilan Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bizni uyg’otdilar va:
— Ey Ummu Honiy! Ko’rganingdek, xufton namozini ham bu yerda o’qidim. Hozir ham sizlarning yoningizda bomdod namozini ado qildim, — deb marhamat qildilar.
So’ngra uydan chiqish uchun o’rinlaridan turdilar. Men ketmasinlar deb ridolarining bir uchini tutdim. Qorinlari ko’rindi. Ko’ylaklari Misrda to’g’ilgan, katandan qilingan oxorli ko’ylakka o’xshar edi.
— Ey Allohning payg’ambari, buni odamlarga aytmang. Sizni yolg’onchiga chiqarib, aziyat berishadi, — dedim.
— Allohga qasamki, bu voqeani ularga aytaman, — dedilar.
Shunda men bir habash joriyamga: “Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) orqalaridan bor. Odamlarga nima haqida gapirganlarini va ularning javoblarini eshit”, dedim.
Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) bizning oldimizdan chiqib, boshqa kishilarga ham bizga aytgan gaplarini aytdilar. Ko’pchilik o’zini yo’qotib qo’ydi va:
— Buni qanday isbotlaysan, ey Muhammad. Biz bunday narsa haqida hech eshitmaganmiz, — dedilar.
Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam):
— Dalil shuki, men falon vodiyda, falon kishilarning karvoniga duch keldim. Ularning tuyalari bir hayvondan hurkib, qochib ketgan ekan. Men ularga tuyalari turgan joyni ko’rsatdim. Bu voqea men Shomda bo’lgan paytimda yuz berdi. So’ngra yo’limda davom etdim. Makka yaqinidagi Tixoma degan joyda Dajnon tog’iga duch kelganimda falon-falon kishilarning qofilasiga to’qnash keldim. Ular uxlab yotardilar. Suv solingan bir idishlari bor edi. Ustiga bir narsa o’ralgan ekan. Yopqichni olib, ichidagi suvni ichdim. Keyin qanday bo’lsa, shunday qilib ustini o’radim. Hozir ularning qofilasi Makka yaqinida, Tan’im yo’lidagi Bayzo tepaligidan tushyapti. Oldinda ranggi qoraga moyilroq kulrang tuya kelyapti. Tuyaning ustida biri qora, boshqasi olacha ikkita haror bor, — dedilar.
Bu gapni eshitganlar darhol Rasululloh, (sollallohu alayhi va sallam) aytgan yo’lga yugurdilar. Ilk ko’rganlari tuya bo’ldi. U Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) tasvirlaganlaridek ko’rinishda edi. Keyin karvondagilardan idishni so’rashdi. Ular idishda suv to’la bo’lganini, so’ng ustini o’rab qo’yganlarini, uyg’onganlarida esa, ichida suv qolmaganini tasdiqlashdi.
Makkaga qaytishda boshqa qofilani ham uchratishdi. Berilgan savolga ular ham: “To’g’ri aytipti, vallohi, u aytgan vodiyda tuyamiz hurkib qochdi. Shunda bir ovoz eshitdik. U ovoz tuyamizning turgan joyini aytdi. U yerga borib, tuyani topdik”, deya javob berishdi”.

Hijratdan so’ng

Musulmonlar Madinaga hijrat qilganlarida Fahita eri va bolalari bilan Makkada qoldi. Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) erishgan zafarlari haqida eshitsa, behad quvonardi. Fahita musulmonlar Makkaga kiradigan buyuk zafar kunini intizorlik bilan kutardi.

* * *

Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) Makkaga kirdilar. Barcha butlarni sindirdilar. Bilolning (roziyallohu anhu) ovozi tavhid, takbir va shahodatlar bilan jaranglab, Ka’ba uzra yuksaldi: “Allohu akbar, Allohu akbar, Allohu akbar, Allohu akbar. Ashhadu an la ilaha illalloh, ashhadu an la ilaha illalloh. Ashhadu anna Muhammadan Rasululloh, ashhadu anna Muhammadan Rasululloh...”
Bu ovozlarni eshitgan Ummu Honiyning eri Hubayra orqa-oldiga qaramay Makkadan qochdi. U Alloh taoloning diniga kirishdan qochayotgan, Rasulullohning (sollallohu alayhi va sallam) zafarlarini ko’rishni xohlamayotgan edi.

* * *

Hubayra Ummu Honiyni ham o’zi bilan ketishga da’vat etdi, ammo Ummu Honiy qabul etmadi. Chunki u Alloh taoloning diniga kirgan, musulmon bo’lgan edi.

* * *

Xoris ibn Xishom Makka fath etilgan kun qoni halol qilingan kishilardan edi. Ammo Xoris Ummu Honiyning Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) qoshlaridagi mavqeini bilgani uchun, himoya qilishini so’rab, uning uyiga bordi. Buni ko’rgan Ali ibn Abu Tolib (roziyallohu anhu) Xorisni o’ldirish uchun izma-iz keldi. Ummu Honiy: “Ey onamning o’g’li! Men unga omonlik berdim”, deb uni himoyasiga olganini bildirdi.
Ali (roziyallohu anhu) esa bu gaplarga quloq solmay, qilichini sug’urdi. Ummu Honiy uning qo’llaridan tutdi: “Alloh xayringni bersin, o’ldirma. Men unga omonlik berdim”, dedi.
Ali (roziyallohu anhu) undan qutulishga harakat qildi, ammo oyoqlarini yerdan ko’tarolmadi. Shu payt Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) kirib qoldilar. Ummu Honiy:
— Yo Rasululloh, men Xoris ibn Xishomni himoyamga oldim. Ali esa uni o’ldirmoqchi. Nimaga buyurasiz? — dedi.
Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam):
— Sen himoya etganingni biz ham himoya etamiz, sen omonlik berganingga biz ham omonlik beramiz. Ammo Alining jahlini chiqarma. U qizishsa, Alloh taoloning g’azabi keladi. Uni qo’yib yubor, — deb buyurdilar.
Shundan so’ng Ummu Honiy Alini qo’yib yubordi. Rasululloh (sollallohu alayhi va sallam) hazillashib:
— Yo Ali, bir ayol sendan g’olib keldi, — deya marhamat qildilar.
Ali:
— Allohga qasamki, oyoqlarimni yerdan ko’tarolmadim, — dedi.
Qahramonlar qahramoni, dovyuraklar dovyuragi Ali ibn Abu Tolibning (roziyallohu anhu) bu gapi Ummu Honiy haqidagi odil bir shahodatdir. Alloh har ikkisidan ham rozi bo’lsin.

* * *

Ummu Honiy eridan ayrilganidan so’ng butunlay farzandlarining tarbiyasi bilan band bo’ldi. Farzandlarining qalbiga fazilat urug’larini ekdi. Islom va imon bilan ularni o’stirdi. Farzandlarining bari olim, fozil kishilar bo’lib yetishdilar.
Ba’zi farzandlari Ummu Honiydan hadis rivoyat etishgan. Ular orasida nabiralari Ja’da al-Mahzumiy, Yahyo ibn Ja’far va Horunlar ham bor.
Ummu Honiy ukasi Hazrati Alining xalifalik davrigacha yashadi. Hijratning qirqinchi yili vafot etdi.
Alloh undan rozi bo’lsin va uni ham rozi etsin. Omin.

Mahmud Mahkam tarjimasi